Чақириш, нидо қилиш, исташ, ёрдам сўраш маъноларини билдирган дуо, Қуръонга кўра банданинг бутун вужуди билан Аллоҳга илтижоси ёки имкониятлари чекланган мавжудод – инсоннинг, ҳамма нарсага қодир Зот қаршисида ожизлик билан муножот қилишидир. Аллоҳга иймон келтирган ҳар бир кишининг дуо қилиши бир ҳақиқат. Фақат баъзилар дуони сўнгги чора сифатида, барча имкониятларни ишга солиб, ўйлагани амалга ошмагандан кейингина қўллаши лозим бўлган имкон сифатида кўришади. Бундайлар қийин аҳволдан чиқгач, бошларига яна бир машаққат тушмагунча Аллоҳни ёд этиш ҳаёлларининг четидан ҳам ўтмайди. Айрим тоифа одамларнинг эса дуо ҳақида тушунчалари жуда юзаки. Уларнинг наздида дуо болаликдан эътиборан оиланинг ёши улуғ аъзоси томонидан ўргатиладиган жумлалардир. Бундайлар дуода Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, буюклиги, ҳамма нарсага қодирлиги, бандаларининг аҳволидан доимий огоҳлиги, дуоларининг қабул бўлиш-бўлмаслиги ҳақидаги тушунчаларга мутлақо эга эмаслар. Олдиндан ёд олинган дуо қолипидан ташқарига чиқмайдилар.