25. Furqon - Quron
- 1. Оламларга огоҳлантирувчи бўлсин учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир.
- 2. У осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир.
- 3. У Зотдан бошқа, ҳеч нарса ярата олмайдиган, ўзлари яратиладиган, ўзлари учун зарарга ҳам, нафга ҳам эга бўлмайдиган, ўлимга ҳам, ҳаётга ҳам, қайта тирилишга ҳам молик бўлмайдиган «худо»лар тутдилар.
- 4. Куфр келтирганлар: «Бу (Қуръон) уйдирмадан бошқа нарса эмас. Уни ўзи уйдириб олди ва бунда унга бошқа қавмлар кўмак бердилар», дедилар. Бас, шубҳасиз, зулм ва ёлғон гувоҳлик келтирдилар.
- 5. Улар: «Бу аввалгиларнинг афсонасидир. Уларни ёздириб олган. Ҳолбуки, улар унга эртаю кеч имло қилинур», дедилар. (Аввалги мушриклар ҳар қанча жоҳил бўлсалар ҳам, ҳозиргиларга қараганда бир оз инсофли бўлган экан. Улар ҳозирги мушрикларга ўхшаб, «ёзиб олган», демасдан, «ёздириб олган», демоқдалар. Чунки улар Муҳаммаднинг (с.а.в.) ўқиш ва ёзишни билмасликларини яхши биладилар. Шунинг учун афсоналарни бошқаларга ёздириб олган, дедилар. Яъни, ўша афсоналар Муҳаммадга (с.а.в.) эртаю кеч айтиб турилади, дейдилар.)
- 6. Сен:«Уни осмонлару ердаги сирни биладиган Зот нозил қилди. Албатта, У мағфиратли ва раҳмли Зотдир», дегин. (Қуръонни ҳамма нарсани билгувчи зот–Аллоҳ нозил қилгандир. Ҳамма нарсани билгувчи зот ўтган умматларнинг тарихини ҳам жуда яхши билади. Ўтганларнинг афсоналарини бировдан ёздириб олишга ҳожат йўқ. Балки бу афсоналар ёлғон, бидъат ва хурофотларга тўлиқдир. Қуръони Каримда эса, ўтган умматларнинг қиссалари энг рост ва тўғри равишда келтирилади. Кишиларни улардан ўрнак олишга чақирилади. Вақт ўтиб, илм ривожланиши билан бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб бормоқда.)