59. Hashr - Quron
- 1. Осмонлардагию ердаги барча нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этди. У зот азиз ва ҳикматли Зотдир.
- 2. У зот аҳли китобдан бўлган кофирларни ўз диёрларидан биринчи ҳашр учун чиқарди. Уларни чиқади деб ўйламаган эдингиз. Ўзлари ҳам қўрғонимиз бизни Аллоҳ(азоби)дан сақлаб қоладир, деб ўйлашарди. Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан олди ва уларни қалбига қўрқинч солди. Уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошладилар. Ибрат олинг, эй ақл эгалари! (Яҳудийлар қўрғонларига ишониб, бизга ҳеч қандай ёмонлик етиши мумкин эмас, деб хотирлари жам эди. Лекин Аллоҳ таоло улар ўйламаган, хаёлларига келмаган ишни амр қилди. Қўрғонлар жойида қолиб, яҳудийларнинг қалбларидан путур кетди. Аллоҳ уларнинг қалбларига қўрқинч ва ваҳима солди. Ана шунда, биз кўчиб кетсак, бу қўрғонлар мусулмонларга қолмасин, дея уйларини ўзлари буза бошладилар. Мусулмонлар қамал давомида биноларга ташқаридан путур етказди. Оқибатда мустаҳкам қўрғонлар вайрон бўлди. Бу воқеа ақли бор ҳар бир кишига ўрнак бўларлик бир огоҳлантиришдир. Демак, бандаси қанчалик хом хаёл қилмасин, Худонинг буюргани бўлади.)
- 3. Мабодо Аллоҳ уларга кўчишни ёзмаганда ҳам бу дунёда уларни азоблар эди. Уларга охиратда дўзах азоби бордур. (Инсон охиратда бу дунёда қилган гуноҳ амалларига яраша жазо олиши муқаррар. Яҳудийларнинг кўчирилиши, улар учун нисбатан енгил азобдир.)
- 4. Ундай бўлиши, улар Аллоҳга ва Унинг Расулига хилоф қилганлари учундир. Кимки Аллоҳга хилоф қилса (унутмасинки), албатта, Аллоҳ - азоби зўр зотдир.
- 5. Сизнинг хурмони кесишингиз ёки аслида тик қолдирганингиз фақат, Аллоҳнинг изни билан ва бузғунчиларни хорлаши учун бўлди. (Хурмо дарахтининг энг яхши нави «лийнатин» деб аталади. Оят тафсиридла таъкидланганидек, баъзи хурмо дарахтларини кесиб, баъзиларининг қолдирилиши бузғунчилик учун эмас, балки Аллоҳнинг изни билан бўлди. Ислом шариатида уруш пайтида ҳам ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар келтириш қатъиян ман қилинади. Бу боқий ҳукмдир. Лекин Бани Назийр ҳодисасида Аллоҳ таоло Ўзи уларни баъзи хурмо дарахтларини кесиб ўт қўйишга изн берган.)